Шўрланган ва қурғоқчил худудларда ресурсларни бошқариш бўйича Германиялик олимлар билан ҳамкорлик
2018 йил “Фаол тадбиркорлик, инновацион технологияларни қўллаб қувватлаш йили” муносабати билан юртимизда кўплаб ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Янгидан янги инновацион ғоялар дунё юзини кўрмоқда. Шу йилнинг 14-16 август кунлари Бухоро вилоятининг Когон туманида Германия Федератив Республикаси Таълим ва Фан Вазирлиги (BMBF) томонидан молиялаштирилаётган Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти, Германиянинг ZALF илмий тадқиқот маркази ҳамда Кассел университети ҳамкорлигида бажарилаётган “BioWat: Иқлим ўзгаришига мослашиш мақсадида Марказий Осиёнинг шўрланган ва қурғоқчил ҳудудларида ресурсларни бошқариш (Resources management in the salinized and drought stress-endangered irrigation areas of Central Asia for adapting to climate change)” илмий лойиҳаси доирасида дала семинари бўлиб ўтди. Семинарда Германия, Қозоғистон, Тожикистон ҳамда Ўзбекистонлик олимлар, Аму-Бухоро ИТХБ раҳбар ходимлари ва фермерлар иштирок этдилар. Семинар Бухоро вилоятининг Когон туманида жойлашган, тажриба учун ажратилган дала майдонида бўлиб этди. Ушбу тажриба даласида зовур сувларини чучуклаштириш мақсадида қурилган ҳовузлар ҳамда уларда биологик тозаланган зовур сувларидан суғорилган ғўзанинг ўсиши ва ривожланиши билан семинар иштирокчилари танишдилар ва ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Олиб борилаётган илмий изланишлар натижалари бўйича “Lemna” ўсимлиги зовур сувларини 26-28% гача ортиқча тузлардан халос қила олиш қобилиятига эга эканлиги ҳамда тез кўпая олиш хусусиятлилиги билан тажрибадаги бошқа ўсимликлардан ажралиб туриши аниқланди. Ушбу сув ўтининг зовур сувларини минерализациясини пасайтириши билан бир қаторда ҳосил бўлган биомассадан биогаз ва биоўғит олиш имконлари лойиҳа доирасида ўрганилмоқда. Батафсил маълумотни ушбу сайтдан олиш мумкин:
http://www.zalf.de/en/forschung_lehre/projekte/Pages/details.aspx?iddp=2024
Ирригация ва мелиорация кафедраси доценти Бахтияр Матякубов